Осиё Футбол Конфедерацияси ЖЧ — 2018 1-саралаш босқичи қуръаси санасини тасдиқлади. Унга кўра, ушбу саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими 10 февраль куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Аввалроқ Осиё Футбол Конфедерацияси ЖЧ — 2018 саралаш баҳслари механизмига бир қатор ўзгартиришлар киритгани ва унга кўра ЖЧ — 2018 ва ОК-2019 саралаш баҳслари бирлаштирилгани ҳақида маълумот берилган эди.
ОФК тасдиқлаган қарорга кўра, ЖЧ — 2018 Осиё қитъаси саралаш баҳслари 1-босқич ўйинларидан бошланади. Ушбу босқичга қуръа ташлаш маросими эса 10 февраль куни бўлиб ўтади. Мазкур саралаш босқичида ОФК рейтинининг қуйисидан жой олган жами 12 та терма жамоа икки ўйиндан иборат плей-офф босқичида иштирок этади.
Уй-сафар тизимида ўтадиган мазкур босқич ўйинлари 12 ва 17 март кунлари бўлиб ўтади. Ушбу жуфтликларда ғалаба қозонган 6 та жамоа эса навбатдаги босқичга йўл олади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ — 2018 саралашини 2-босқичдан бошлайди. Ушбу босқичда 40 та жамоа ҳар бир гуруҳда 5 тадан 8 гуруҳга бўлинган ҳолда курашни давом эттиради. Ушбу босқичда ҳам ҳар бир жамоа «уй-сафар» тизимида баҳслашади. Яъни ҳар бир гуруҳда жамоалар жами 8 тадан учрашув ўтказади. Гуруҳдаги жамоалар сони тоқ бўлгани учун ҳар бир турда 2 тадан учрашув ўтказилади ва бир жамоа дам олади.
ОФК тақвимига кўра, ушбу гуруҳ ўйинлари 2015 йилнинг 11 июнидан 2016 йилнинг 29 мартигача бўлиб ўтади. Тур ўйинлари бўлиб ўтадиган саналар эса қуйидагича: 11 июнь (1-тур), 16 июнь (2-тур), 3 сентябрь (3-тур), 8 сентябрь (4-тур), 8 октябрь (5-тур), 13 октябрь (6-тур), 12 ноябрь (7-тур), 17 ноябрь (8-тур), 24 март (9-тур) ва 29 март (10-тур).
Гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган 8 та жамоа ва энг яхши иккинчи ўринни қўлга киритган яна тўрт жамоа Осиё Кубоги — 2019 финал босқичига автоматик равишда йўлланмани қўлга киритади ва ЖЧ — 2018 финал босқичи йўлланмаси учун 3-саралаш босқичида курашни давом эттиради. Эслатиб ўтамиз, ЖЧ — 2018 саралашнинг сўнгги босқичида аввлагилардек, 10 та жамоа эмас, балки 12 та жамоа 6 тадан икки гуруҳга бўлинган ҳолда ЖЧ — 2018 финал босқичи учун кураш олиб боради. Ушбу гуруҳларда дастлабки икки ўринни эгаллаган 4 та жамоа эса ЖЧ — 2018 финал босқичига йўл олади.
Иккинчи саралаш босқичида сўнгги ўринни эгаллаган жамоалар эса ОК — 2019 финал босқичининг қолган 12 та йўлланмаси 4 тадан 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда курашни давом эттиради. Ушбу 6 та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар ОК — 2019 финал босқичига йўлланмани қўлга киритади. Аввал хабар берилганидек, ОК — 2019 финал босқичида аввалгидек 16 та эмас, 24 та жамоа иштирок этиши тасдиқланган.
Изоҳ (0)