Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик масалалари ҳақида сўз юритди.
«Бугунги кунда бизнинг яқин ва олис ён-атрофимизда вужудга келаётган вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётганини, яъни, пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни ҳал этишда куч ишлатишга зўр бериш устунлик қилаётгани, хомашё ресурслари ва коммуникациялар устидан назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобатнинг ошгани, ядро технологиялари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизмнинг кенг тарқалаётган экспансиясининг фаоллашуви, миллатлар ва конфессиялараро можароларнинг кучаяётганини эътироф этмаслик мумкин эмас.
Дунёнинг турли минтақаларида вужудга келаётган хавф-хатар, низо ва зиддиятлар ҳамда қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётганини, улар тинч йўл билан ҳал этилмасдан, аксинча, кескинлашаётганини афсус билан тан олишга мажбурмиз.
АЙСАФ деб ном олган тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланмоқда. Ироқдаги аччиқ тажриба яққол кўрсатганидек, Афғонистонда юзага келадиган ҳар қандай бўшлиқни бу минтақанинг катта ҳудудига ўзининг вайронкор таъсирини ёйишга қодир бўлган турли бузғунчи ва террорчи гуруҳлар, фанатик кучлар қисқа фурсатда эгаллаб олиши мумкин», − деди Ислом Каримов.
Изоҳ (0)