Ўзбекистон Марказий банки пулни нақдлаштириш ва пластик карталар орқали тўловни амалга ошириш бўйича қатор масалаларга ойдинлик киритди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 5 августдаги қарорига биноан банклар ўз депозит ҳисоблари, жумладан пластик карталардаги маблағлар ҳисобидан аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга узлуксиз равишда нақд пул беришни таъминлашлари лозим.
Банк пластик карточкалари орқали тўлов амалга оширилганда товарлар нархини оширишга йўл қўйилмайди. Нарх оширилганда ёки пластик карта орқали тўловни қабул қилишдан бош тортилганда бундай ҳолатларга чора кўриш бўйича ваколатли бўлган шаҳар ва туман солиқ инспексияларининг ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин.
Банк аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг илк талаби асосидаёқ нақд пулни беришни узлуксиз таъминлаши лозим. Нақд пул биринчи навбатда ойлик маоши ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия, нафақа, командировка тўлови, шунингдек аҳоли омонатлари учун ажратилади.
Марказий банкда ва барча тижорат банкларида, жумладан ҳудудларда бу масалалардаги аризаларга ва ишонч телефонлари орқали мурожаатларга тезкор жавоб қайтариш ташкил қилинган.
Изоҳ (0)