Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига 2014 йилда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича жами 4725 та мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Қўмита матбуот хизмати маълумотларига таяниб, Kun.uz хабар беради.
Қайд этилишича, бу 2013 йилги кўрсаткич (4398) дан 327 тага кўп.
«Ҳанузгача мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизматлар соҳасига тегишли бўлиб, уларнинг улуши келиб тушган мурожаатларнинг 63,4 фоизга тенг», — дейилади қўмита хабарида.
Савдо-сотиқ ва умумий овқатлантириш соҳаларидаги мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 3 ўринга пасайган ва 16,4 фоизни ташкил қилган. Транспорт, алоқа ва бошқа соҳалар бўйича кўрсаткичлар ўтган йилги 9,7 фоиз даражасида қолган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчиларнинг ҳисобига 1,215 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.
Мурожаатларнинг 3010 таси ёзма бўлиб, шундан 2649 таси (88 фоизи) истеъмолчилар ҳисобига ҳал қилинди ва 1,113 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ишонч телефонлари орқали тушган жами 1715 та мурожаатнинг эса 984 таси истеъмолчилар ҳисобига ҳал қилинди ва 101,3 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Қолган 736 та мурожаатга тегишли тушунтиришлар берилди.
Изоҳ (0)