Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмлар, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларида вилоят ҳокимлиги ва мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 9 декабрда қабул қилинган Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши асосида ташкил этилаётган тадбирлардан бири Наманган муҳандислик-педагогика институтида бўлиб ўтди. Видеомулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган наманганлик ва Наманганда шарафли бурчини адо этаётган қорақалпоғистонлик ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди.
Видеомулоқотда ота-оналар ва йигитлик бурчини ўтаётган йигитлар самимий, фахр-ифтихорга тўла дил сўзларини билдирди. Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Изоҳ (0)