Тошкент шаҳридаги жамоат транспортига масъул бўлган «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 2015 йилда қатор янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси бошқарув раиси ўринбосари Моҳир Валиев сўзларига асосланган «Пойтахт транспорти» газетасига таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Валиевнинг маълум қилишича, 2015 йилда ҳаракат таркибини янгилаш мақсадида 100 та янги Isuzu русумли автобус харид қилиш режалаштирилган. «Шу вақтга қадар автобус саройлари ва SamAvto ўртасида имзоланган шартномаларга асосан 80 та Isuzu харид қилинди», — деди Валиев.
Бундан ташқари, автобус саройлари қошида йўналишли таксилардан иборат ихтисослаштирилган автоколонналар ташкил этиш мақсадида 336 та микроавтобус харид қилиш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, 2014 йил давомида 7 та автобус саройи қошида янги ташкил этилган корхоналар учун 20 тадан, жами 140 та Cobalt L русумли енгил автомобиль харид қилинди. Ушбу автомобилларга газ ускуналари ўрнатилган бўлиб, улар 2014 йил 1 ноябрдан бошлаб йўналишсиз такси сифатида иш бошлаган. Ушбу лойиҳа доирасида 160 га яқин янги иш ўрни ташкил этилган.
Изоҳ (0)