Австрия пойтахти — Вена прокуратураси вакили Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви — Раҳат Алиевга нисбатан қотиллик айблови эълон қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Associated Press’га таяниб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Прокурорнинг маълум қилишича, гумонланувчи Раҳат Алиев Қозоғистонда икки банк менежерини ўлдирилиши билан боғлиқ жиноий ишга алоқадор ҳисобланади. Ушбу айбловни Алиевнинг ўзи рад этмоқда.
Аввалроқ, Австрия расмийлари Раҳат Алиевни Қозоғистонга топшириш бўйича сўровни икки бор рад этган эди.
Қозоғистонда Алиев мухолифат сиёсатчиси Алтинбек Сарсенбаевнинг ўлдирилишини ташкиллаштиришда гумон қилинмоқда. Уни 2006 йил 11 февраль куни Олма-Отада ҳайдовчиси ва қўриқчиси билан бирга ўғирлаб, ўлдириб кетишганди.
Тергов жараёни давомида ушбу жиноятга 10 киши алоқадор эканлиги маълум бўлган. Ўшанда ушбу жиноят буюртмачиси сифатида Қозоғистон Сенати девонининг собиқ раҳбари Ержан Утембаев айбдор деб топилиб, мол-мулки мусодара қилинган ва 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Изоҳ (0)