Тошкент шаҳрида асли сурхондарёлик бўлган киши ўз укасини дўппослаб ўлдириб қўйди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетасига асосланиб «Uz24.uz» хабар бермоқда.
Оилада икки ука ва бир сингилнинг акаси бўлган ушбу шахс 2002 йил Денов шаҳридаги иқтисодиёт коллежини тамомлади, бироқ тайинли ишнинг бошини тутмади. Тошкентга келиб, мардикорчилик қила бошлади. 2011 йилдан Олмазор туманида жойлашган мебель цехига қоровул бўлиб ишга кирди. Бу вақтда унинг укаси ҳам пойтахтдаги мебель цехларининг бирида ишчи бўлиб ишларди.
2011 йил 18 октябрь куни ака-укалар уйга пул жўнатиш кераклиги масаласида гаплашиб олиш учун учрашди. Учрашишдан аввал иккови ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилди. Бекатда укасини кута бошлаган ака укасининг сарҳуш ҳолда келаётганлигини кўриб, ғазабланди. Уни тартибга чақириш учун танбеҳ берди.
Укага акасининг тергаши ёқмади ва акасига «сенга нима ичсам, менинг ишимга аралашма», деб уни номаъқул сўзлар билан ҳақоратлади. Бу тортишув ака-уканинг жанжалига, ёқалашиб муштлашишига олиб келди. Акаси жаҳл устида укасини урди, кейин эса бўйнидан бўға бошлади. Қаттиқ бўғилиш натижасида ука унга умуман қаршилик қилмай қўйди.
Укасининг нафас олмаётганлигини кўриб қўрқиб кетган ака укасини шифохонага олиб борди. Афсуски, улар шифохонага етиб келганида ука оламдан ўтган эди. Суд айбдорга содир этган жинояти учун 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)