Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида 2014 йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар ўтказилаётган ёнғин хавфсизлиги ойлиги Фарғона вилоятида ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Болаларни уйда қаровсиз қолдириш кўп ҳолларда ёнғин чиқишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларнинг олдини олиш мақсадида соҳа ходимлари хонадонларда бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидалари бўйича суҳбатлар ўтказмоқда. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилувчи 35 турдаги 25 минг нусхада плакат ва эслатмалар жойларга тарқатилди.
Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси қошида ташкил этилган «Ёнғин хавфсизлиги хизматининг илғор тажрибаларини тарғиб этиш маркази» болаларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳақида батафсил маълумот бермоқда. Марказда ёнғинни келтириб чиқарадиган омиллар, далилий ашёлар, ёнғин содир бўлганда дастлабки ҳаракатлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар намойиш қилиняпти.
Ойликнинг ўтган даврида корхона ва ташкилотларда 4743 маротаба текширув ва профилактик кўрик ўтказилди. 200 мингга яқин аҳоли яшаш уйлари ва 1300 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ёнғинга қарши ҳолати маҳалла ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида текширилди.
Ойлик доирасида шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтиришга бағишланган турли тадбирлар, ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)