Тошкент шаҳридаги уйлардан бирининг соҳиблари уйни қўл меҳнати орқали яратилган ҳайкаллар, нақшлар, тасвирий санъат намуналари билан безатиб, ўзига хос музейга айлантиргани маълум бўлди. Мобил мухбиримиз Дилшода Аввалбоева «Дарё»га ўзи гувоҳи бўлган ушбу уйни тасвирлаб берди.
«Қўшни маҳаллалардан бирига йўлим тушганда, тасодифан ноодатий уйга кўзим тушди. Очиғи, қанча вақт ҳайратдан туриб қолганимни билмайман-у, бироқ ушбу эртакнамо турар-жойга илк бор дуч келган ҳар қандай инсон ажабланмай ўтиб кета олмаслигини аниқ биламан. Сабаби, турли ҳайвонлар ҳамда эртак қаҳрамонларининг қўл меҳнати орқали бунёд этилган ҳайкаллари, деворлардаги нақшлар, гўзал тасвирий санъат намуналаридан ҳайратланмасликнинг иложи ҳам йўқ, шундай эмасми?», − деб ёзади Дилшода.
Қизиқиб ўша ерда ўйнаётган болалардан уй соҳиблари ҳақида сўраганида, улардан бири: «Бу уй Спартак амакиники. Кўриб турганларингизнинг барчасини у ўз қўли билан яратган. Бизларга ҳам турли ўйинчоқлар ясаб, совға қиладилар. Ичкарида бундан ҳам ғаройиб нарсаларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин», – деган.
Боланинг гапларини эшитгач, унинг қизиқиши янада ортиб, ичкари томон ошиққан ҳамда самимий ва хушчақчақ оила аъзолари билан тезда яқиндан танишиб олган.
84 ёшли Спартак Константинский ва унинг оқкўнгил рафиқаси Таисия хоним пойтахтимизда жойлашган мазкур уйда 60 йилга яқин аҳил ҳаёт тарзини кечириб келишаётганлигига ҳавас қилса арзийди. Меҳнатсевар отахонимиз моддий етишмовчилик сабабли атиги бир ярим йил таҳсил олиб, ҳайдовчи сифатида фаолият юритган. Энг ажабланарлиси, нафақага чиққанидан сўнг, бундай ноодатий буюмларни ясаш сирларини ҳеч кимдан ўрганмай, фақат ўз тафаккурига таяниб яратган экан.
«У шунчаки ҳаёт гўзалликларини пайқаган ва уларни ўз ижод намуналарида тасвирлай олган», – дейди қаҳрамонимизнинг ўғли Игорь.
Уй ҳатто 60 йиллар зилзилаларини ҳам «бошдан кечирган», барча қўл меҳнати маҳсуллари бундан 20 йил аввал яратилган экан. «Агар мазкур ‘музей’ томонларга йўлингиз тушса, албатта, кириб ўтинг. Сизни эртаклар оламида меҳмондўст инсонлар қарши олишади», − деб ёзади мобил мухбиримиз.
Изоҳ (0)