Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистонда шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловини кузатиш бўйича чекланган миссияси жорий йилнинг 2–11 декабрь кунларидаги кузатувларига асосланган оралиқ ҳисоботини ўз расмий сайтида эълон қилди, деб хабар бермоқда 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифидан сўнг 28−30 октябрь кунлари Ўзбекистонда бўлган Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси тавсияларидан келиб чиқиб ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси 2 декабрь куни сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссиясини ташкил қилди. Элчи Даан Эверц бошчилигидаги сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссия аъзолари Тошкент шаҳрида 12 кишидан иборат асосий гуруҳ ва 4−5 декабрь кунлари мамлакатнинг барча ҳудудларида иш олиб бораётган 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилардан ташкил топган. Миссия аъзолари ЕХҲТда иштирок этувчи 16 мамлакатдан танлаб олинган.
Ҳужжатда, шунингдек, қайд этилишича, 15 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис қуйи палатасига сайлов бўйича сайлов кампаниясини расман эълон қилди. Маҳаллий кенгашларга сайловлар парламент сайлови билан бир вақтда ўтказилмоқда. Бўлажак сайловларга, айниқса, Конституцияга киритилган сўнги ўзгартишларга биноан Бош вазир номзодини парламент қуйи палатасида энг кўп депутатлик ўринларини қўлга олган сиёсий партия таклиф этишини инобатга олган ҳолда муҳим сиёсий тадбир сифатида қаралмоқда.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчиларининг таъкидлашича, ўтган сайловлардан сўнг Ўзбекистон сайлов қонунчилигига ўзгартишлар киритилгани ҳисоботда алоҳида қайд этилган. Киритилган айрим нормалар ЕХҲТ ДИИҲБ аввалги тавсияларини инобатга олиш нуқтаи назаридан қабул қилинган. Хусусан, сайловолди кампанияси тадбирлари ва муддатидан олдин овоз беришга доир батафсил меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича конференциясини кузатишга доир норма, шунингдек, қамоқда сақлаш жойларида овоз бериш қонунчиликда кўзда тутилган.
Шу билан бирга, ҳисоботда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сайлов соҳасида ҳуқуқбузарлик ҳақида янги бўлим киритилгани айтиб ўтилган. Бундай нормалар сирасига сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, шу жумладан сайловларни молиялаштириш, номзодлар, сиёсий партиялар ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш, сайлов материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, жамоат фикри сўровлари натижаларини ва сайлов натижалари тахминларини чоп этишга тааллуқли норматив ҳужжатларни бузиш киради.
ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий орган сифатидаги мақомини белгилайдиган ҳамда фаолиятининг асосий принциплари – мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, очиқлик ва адолатлилик белгилаб қўйилган Конституциядаги охирги ўзгартишларни алоҳида эътироф этишган. Комиссия мажлислари сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари, шунингдек, халқаро кузатувчилар учун очиқ ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси ўз веб-саҳифасига эга эканлиги ҳамда жамоатчиликни сайлов жараёни ҳамда ўз фаолияти ҳақида хабардор қилиш учун республика матбуот марказини тузган. Сайловчиларни ва бошқа манфаатдор томонларни сайлов ҳақида хабардор қилиш мақсади Марказий сайлов комиссияси кенг миқёсли тадбирларни, хусусан, сиёсий партиялар, маҳаллалар, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида давра суҳбатларини, журналистлар учун тренинглар, сайлов жараёнининг турли жиҳатлари хусусида матбуот анжуманлари ўтказилишини, мақола ва видеоматериаллар тарқатилиши мақсадида ташкил қилди.
Ҳисоботда айтилганидек, сайловларни Марказий сайлов космиссияси, 135 та округ сайлов комиссияси ҳамда участка сайлов комиссиялари ўтказади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маҳаллий даражада сайлов органларига кўмак беришда муҳим рол ўйнайди. Хусусан, сайлов участкалари чегараларини аниқлаш, сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш, сайловчилар рўйхатини тузишда маҳалланинг роли катта. Умуман олганда, ҳозирга қадар сайловларни ташкил қилиш муддатларига риоя этилмоқда. Участка сайлов комиссиялари учун тренинглар давом этмоқда, 11 декабрдан муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
Марказий сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки сони 20 миллион 789 минг 572 кишини ташкил этишни эълон қилди.
Ҳисоботда участка сайлов комиссияларига 6 декабрда тақдим қилинган, махсус сайлов участкаларига 14 декабридан бериладиган сайловчилар рўйхати ҳақида ҳам сўз боради. Сайловчилар рўйхатнинг тўғри ва тўлиқлигини текшириш ҳамда ўзгартириш киритиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Участка сайлов комиссияси уларнинг мурожаатларига 24 соат ичида жавоб қайтариши ҳамда ўз қарорини асослаб бериши керак. Участка сайлов комиссиялари қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Сайлов куни сайловчилар рўйхатига киритилмаган сайловчилар ўз яшаш жойини сайлов участкасида исботлаб бериши, сайловчиларнинг қўшимча рўйхатига киритилиши ҳамда овоз бериши мумкин.
Қайд этилишича, қонунчиликка биноан, номзодларни кўрсатиш 17 октябрдан 6 ноябрга қадар бўлиб ўтди. Барча сиёсий партиялар 135 та округ бўйича ўз номзодларини илгари суришди. Якуний рўйхат эълон қилингунга қадар 5 нафар номзод чиқиб кетганлиги боис Марказий сайлов комиссияси 535 нафар номзодни рўйхатга олди. Уларнинг 170 нафари, яъни 31,8 фоизи хотин-қизлардир.
Рўйхатга олинган тўртта сиёсий партия сайловолди кампаниясини ўз платформалари ва номзодларини жамоатчиликка электрон ва босма оммавий ахборот воситалари орқали тақдим қилиш ҳамда мамлакат бўйлаб сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилиш орқали бошлашди. Партиялар дастурлари барқарорлик, бирдамлик ва изчил сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни қайд этган ҳолда асосан ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий ривожланишга қаратилган. Депутатликка номзодларнинг ЕХҲТ ДИИҲБнинг чекланган кузатувчилар миссиясига маълум қилишича, улар ўз сайловчиларига мурожаат қилиш учун билбордлар, постерлар, варақалар, учрашувлар, оммавий ахборот воситаларида рекламадан фойдаланмоқда.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари оралиқ ҳисоботда қайд этишича, сайловда қатнашаётган сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳажмига кўра тенг эфир вақти ва нашр майдони бепул берилмоқда, шунингдек, улар давлат ва мустақил оммавий ахборот воситаларида эфир вақти ва нашр майдонидан пуллик асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар умуммиллий телерадиоканалларда ҳафтасига 238 минут бепул эфир вақти ҳамда давлат газеталарида тенг ҳажмида бепул нашр майдони олишмоқда. Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБнинг чекланган кузатувчилар миссиясига маълум қилишганидек, хусусий оммавий ахборот воситаларига номзодларга тенг ҳажмда қамров имкониятлар тақдим этиш тавсия қилинган. 5 декабрь куни ЕХҲТ ДИИҲБнинг чекланган кузатувчилар миссияси 4 та телевидение станциялари ва 8 та газетани мониторинг қилишни бошлади.
Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва ассоциациялардан халқаро кузатувчилар сайловларни кузатишини кўзда тутади. Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТ ДИИҲБнинг чекланган кузатувчилар миссиясидан ташқари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)дан кузатувчилар илғор гуруҳини рўйхатга олган ва 300га яқин халқаро кузатувчиларни рўйхатга олишни режалаштирган. Қонунчиликка биноан, шунингдек, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари сайлов жараёнини кузатиши мумкин.
Халқаро кузатувчиларни ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш давом этмоқда. Сиёсий партиялар ўз ваколатли вакиллари ва кузатувчилари рўйхатини округ сайлов комиссияларига 6 декабрга қадар тақдим қилиши мумкин эди. Барча сиёсий партиялар сайлов куни аксарият сайлов участкаларига махсус ўқитилган вакилларини юбориш режасини маълум қилишди.
Изоҳ (0)