Forbes журнали Россиянинг YotaPhone 2 смартфонини муваффақиятли маҳсулот деб атади, дея хабар бермоқда «РИА Новости». Нашр ёзишича, жозибали кўриниш билан бирга, смартфон яхши техник хусусиятларга эга.
Forbes мутахассиси Эван Спенс фикрича, Россиянинг Yota Devices компанияси янги гаджетда замонавий смартфон учун зарур бўлган асосий сифатларнинг барчасини жамлашга муваффақ бўлган.
Шунингдек, журналист ишлаб чиқувчилар смартфоннинг биринчи модели фойдаланувчиларининг фикрларини инобатга олиб, экранни катталаштирганини қайд этди.
YotaPhone 2’га ёзилган шарҳ якунида Спенс гаджетлар ишқибозларига «2014 йилнинг энг инқилобий смартфони» ёқиб тушишини хулоса сифатида келтирди.
Эслатиб ўтамиз, YotaPhone 2 3 декабрь куни Лондонда тақдим этилди. Смартфон иккита экранга эга эканлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Асосий дисплейи 1920×1080 пикселли 5 дюймли рангли экран бўлса, иккинчиси «электрон сиёҳ» технологияси асосидаги 960×540 пикселли 4,7 дюймли оқ-қора орқа экрандир.
Оқ-қора экранда телефонни блокдан чиқармасдан туриб, асосий экрандаги маълумотларни кўриш мумкин, бу қурилмага бир марта олган қувватни 50 соатгача етказиш имконини беради.
Изоҳ (0)