МДҲ давлатлари мутахассислари Ҳамдўстлик ҳудудида Европада амал қиладиган Tax free хизматига ўхшаш қўшимча қиймат солиғи миқдоридаги пулни харидорларга қайтариш тизими жорий қилиниши имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Norma.uz» маълумотига таяниб, «Кун» хабар беради.
МДҲ қўмитасининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра, мазкур хабар ҳақида Ҳамдўстликнинг туризм бўйича кенгаши раиси, Белоруссия Республикасининг туризм бўйича вазир ўринбосари Чэслав Шулга Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ парламентлараро ассамблеясидаги ялпи мажлисда айтиб ўтган.
Маълумот учун, Tax free тизими хорижий давлатлар фуқаролари харид қилган буюмлар нархи устига қўйилган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) миқдоридаги суммани улар ушбу буюмларни сотиб олган мамлакатларни тарк этаётган пайтида қайтариб беришни назарда тутади.
Қайтариб бериладиган пул миқдори ушбу давлатда жорий қилинган ҚҚСнинг катта-кичиклигига боғлиқ равишда умумий нархнинг 7 фоиздан 22 фоизгача бўлган қисмини ташкил этиши мумкин.
Юридик шахслар учун иш бўйича хорижга бориш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатларга қўйилган ҚҚСни қайтариб бериш тизими ҳам жорий қилинган.
Изоҳ (0)