Бухоро вилоятида йўл ва кўприкларни таъмирлаш, янгиларини қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Яқинда давлат аҳамиятига эга Галаосиё — Ромитан автомобиль йўлининг маълум қисми ҳамда Зарафшон дарёсининг эски ўзани устидаги кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 майда қабул қилинган «2014 йилда умумий фойдаланиладиган халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш дастури тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ушбу бунёдкорлик ишлари Ромитан туман йўл хўжалиги корхонаси томонидан бажарилди.
«Галаосиё – Ромитан автомобиль йўлининг белгиланган қисмидаги ишлар ўз вақтида, сифатли амалга оширилди, — деди мазкур корхона раҳбари Мадиёр Рўзиев. – Ушбу йўлнинг узвий қисми ҳисобланган кўприкнинг эни икки баробар — қарийб 24 метрга кенгайтирилди. Унинг икки томонида пиёдалар йўлакчаси қурилиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бу ишлар ҳайдовчи ва йўловчиларга катта қулайлик яратиш баробарида кўприкнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш даражасини оширди».
Вилоятда йўл қурилиши билан боғлиқ ишлар давом эттирилмоқда. Шу кунларда Олот, Вобкент, Ромитан ва Жондор туманларидаги давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлларининг бир қисми — 78 километри таъмирланмоқда.
Изоҳ (0)