Самарқанд давлат чет тиллар институтида Конфуций институтининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Шанхай хорижий тиллар университети вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари бугунги кунда барча соҳаларда, жумладан, таълим тизимида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувларида эришилаётган келишувлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Самарқандда Конфуций институтини ташкил этиш бўйича битим Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан 2013 йилнинг сентябрида мамлакатимизда бўлган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ташрифи чоғида имзоланган эди.
«Ўзбекистонда илк Конфуций институти 2005 йили Тошкентда очилган эди. Ўзбекистон ва Хитой ижтимоий-маданий алоқаларининг самараси сифатида энди Самарқандда ҳам Конфуций институти фаолият кўрсатадиган бўлди. Мазкур институтни ташкил этиш жараёнида юртингиздаги таълим жараёнлари, хусусан, Самарқанд давлат чет тиллар институти фаолияти билан яқиндан танишдик. Ушбу даргоҳда хитой тили мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланаётгани, талабаларнинг хитой тилини ўрганишга бўлган қизиқиши юқорилиги қувонарлидир. Конфуций институти илм-фан соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг Хитой ҳақидаги тушунчаларини бойитишга хизмат қилади», – дейди Хитойнинг Шанхай хорижий тиллар университети проректори Чжу Чен.
Иштирокчилар институтда хитой тили ва маданиятини ўргатиш юзасидан яратилган шароитлар билан танишди.
Изоҳ (0)