28 ноябрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Ўзбекистон театр санъати: тарих, тараққиёт ва истиқбол» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, театршунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, драматурглар, режиссёрлар, талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири вазифасини бажарувчи Б. Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг вице-президенти Б. Абдуҳалимов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Б. Сайфуллаев, Ўзбекистон халқ артисти Т. Азизов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида миллий театр санъатини ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Конференцияда драматургия ва театр рэпертуари, Миллий театр режиссураси истиқболлари каби мавзулардаги маърузалар тингланди.
Анжуман доирасида «Ўзбек Миллий академик драма театри» китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйида чоп этилган ушбу китоб-альбом ўқувчиларнинг театр тарихига оид билимини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)