Соғлом бола йилида Фарғона вилоятида 875 тонна асал етиштирилди. 17 мингдан ортиқ асалари пакети хорижга экспорт қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бўлган асаларичиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. — Вилоятда 900 дан ортиқ асаларичилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Соҳани янада юксалтириш ҳамда рақобатбардош технологиялар яратиш учун кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Маҳсулот экспорти ҳажмини кўпайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Янги хўжаликлар ташкил этиш ҳисобидан асал етиштиришни янада кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам доимий эътиборимизда».
Фарғоналик асаларичилар АҚШ, Исроил, Россия, Украина, Канада, Австралия каби асаларичилик яхши ривожланган давлатларда бўлиб, хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиб, ўз билим ва малакасини ошириб бормоқда. Асаларичиликни ривожлантириш борасидаги илмий изланиш ва амалий ишлар хорижлик мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қувасой туманидаги «Толибжон Ғанижон асаларичи» фермер хўжалиги асалари наслини яхшилаш, ундан мўл маҳсулот олиш ва янги авлод етиштириш соҳасида Ўзбекистонда танилган хўжаликлардандир.
«Асалари хосиятли ва меҳнаткаш жонивор, — деди Ғ.Йўлдошев. — Шу митти жонивор меҳнатининг баракаси туфайли минг бир дардга даво неъмат яралади. Бир томчи асалда минглаб гул тоти мужассам. Хўжаликда 650 дан ортиқ наслли асалари оиласини парваришлаб, хорижга 400 тадан ортиқ асалари пакети сотдик. ‘Карпат’ зотли она арилар ғумбагидан 6000 дан ортиқ сермаҳсул зот яратишга эришдик. Давлатга 5000 килограммдан зиёд асал етказиб берилди».
Бундан ташқари, Бағдод туманидан Зокиржон Сиддиқов оиласи 200 қути асаларини замонавий технология асосида парваришлаб, мўл асал олмоқда. Учкўприк туманидан Мадаминжон Каримовнинг иш тажрибаси ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Фарғона шаҳрида яшовчи Бахтиёр Парпиев ўтган йили ўғли Дилшод билан 15 гектар ерда асаларичиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги ташкил этиб, 600 дан ортиқ асалари оиласини парваришлашни йўлга қўйди. Қувалик Владимир Ульянков хорижда тажриба ўрганиб келгач, ўз фаолиятини чет элга зотли асалари пакетларини экспорт қилишга йўналтириб, юксак натижаларга эришмоқда.
Изоҳ (0)