Италиянинг Брешиа шаҳрида «Челленжер» туркумига кирувчи мукофот жамғармаси 42 минг 500 евродан иборат бўлган турнир якунига етди. Ҳал қилувчи финал баҳсида Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли теннисчиси Фаррух Дўстов бош мукофот учун кортга чиқди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
28 ёшли Фаррухнинг рақиби украиналик Илья Марченко бўлди. 27 ёшли Марченко айни пайтда АТП рейтингида 159-поғонадан жой олган бўлса, Дўстов 128-ўринни эгаллаб турибди. Финал учрашуви икки соат-у бир дақиқа давом этди.
Бу сафар ҳам Дўстов турнир вице-чемпионлиги билан чекланди. Марченко 6:4, 5:7, 6:2 ҳисобида ғалаба қозониб, бош мукофот соҳибига айланди. Украиналик теннисчи финал баҳси давомида 12 та, Дўстов эса еттита «эйс» зарбани амалга оширди.
Шу тариқа, Марченко ўз фаолиятидаги «Челленжер» тоифасига кирувчи мусобақалардаги учинчи титулини қўлга киритди. Шунингдек, Брешиадаги ғалаба унга 6150 евро ҳамда 90 рейтинг очкосини тақдим этди. Фаррух Дўстов эса бир ҳафта аввал Братиславадаги «Челленжер»да бўлгани каби бу сафар ҳам иккинчи бўлди.
Изоҳ (0)