«Навоийавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик магистрал ҳамда ички йўлларни таъмирлаш, янги кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этиш, мавжудларини тубдан реконструкция қилиш ишлари йилдан йилга кенгаймоқда, деб хабар беради ЎзА.
Ўтган йили Навоий — Нурота йўналишидаги Қизилқум ҳалқа йўли реконструкция қилинди. Нурота тумани ҳудудидаги Қорақарға довони йўлида олиб борилган таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард 355 миллион сўм сарфланди. Шу йўлнинг қарийб 1,5 километрлик қисми четига бетон тўсиқлар ўрнатилди. Натижада транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиш даражаси ошди, ҳайдовчи ва йўловчиларга қатор қулайликлар яратилди.
Вилоятда йўл қурилиши борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Кармана билан Навоий шаҳрини боғловчи 3,4 километрлик автомобиль йўли янгидан қурилди. Айни пайтда шу йўл ёқаси инфратузилмаси ривожлантирилмоқда.
«Янгиариқ, Арғун ва Талқоқ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи янги йўл кенг ва равонлиги, ўзида замонавий ечимларни мужассам этгани билан эътиборни тортади, — деди «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Кармана тумани бўлими раиси Тоир Йўлдошев. — Йўл четида ёш оилалар учун ‘Камолот’ уйлари барпо этилаётгани, муҳташам тўйхона ва ресторанлар, замонавий маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда савдо шохобчаларининг ишга туширилаётгани барчага манзур бўлмоқда. Ҳудудимиз тобора чирой очмоқда».
Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 20,9 километр ички хўжалик йўллари таъмирланиб, қишлоқлардаги янги массивларда 5,4 километрлик йўллар бунёд этилди.
Йўл белгиси ва тўсиқларини янгилаш, пиёдалар йўлаклари қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Изоҳ (0)