Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида пойтахтнинг икки жамоаси — «Бунёдкор» ҳамда «Локомотив» клублари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақасининг финал учрашуви бўлиб ўтди. Стадионга келган минглаб мухлислар қаршисида икки гранд клуб ғолиблик учун кураш олиб борди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Учрашувнинг асосий дақиқаларида ҳисоб очилмади. Ҳужумчилар бир неча марта голли вазиятларни яратишга муваффақ бўлди. Аммо ҳимоячилар ўз вазифаларини яхши уддалади. Барча масала қўшимча дақиқаларга қолди.
Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда жамоалар олдинга ташланди. Айниқса, «Локомотив»нинг ҳужумлари хавфли тус ола бошлади. Александр Гейнрих ҳам бир муддатга тўхтамади ва жамоасининг деярли барча ҳужумларида иштирок этди.
Қўшимча дақиқаларнинг иккинчисида майдонга Марат Бикмаев туширилди. Айтиш керакки, Маратнинг тажрибаси қўл келиб, ҳисоб очилди. Ўнг қанотда югуриб келган Бикмаев тўпни тўхтатиб, жарима майдончасига кўтарди. У ерда Жасур Хасанов келаётган тўпни ерга туширмасдан дарвозага йўллади ва гол муаллифига айланди. Стадион хайқириқларга тўлди.
Шу тариқа ўйин 0:1 ҳисобида якунланди ва «Локомотив» Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.
Ўзбекистон кубоги (финал)
«Бунёдкор» — «Локомотив»: 0:1
Гол: Жасур Хасанов (106)
«Бунёдкор»: Акбар Тўраев, Акмал Шораҳмедов, Хайрулла Каримов, Анвар Ғофуров, Сато Минори, Иван Милошевич, Самир Бекрич, Сардор Рашидов, Жавлон Иброҳимов, Олег Зотеев, Воҳид Шодиев.
«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Бобур Йўлдошев, Садриддин Абдуллаев, Салим Мустафоев, Фозил Мусаев, Ислом Тўхтахўжаев, Шавкат Муллажонов, Дилшод Раҳматуллаев, Алишер Шоғуломов, Лутфулла Тўраев, Александр Гейнрих.
Изоҳ (0)