Шу кунларда Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК қарашли «Локомотив» марказий жисмоний спорт клубида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2015 йилги мусобақалар мавсумига ҳозирлик кўрмоқда, деб хабар беради «Olamsport».
2 ноябрдан бошланган машғулотларга бешинчи кундан бошлаб Франция терма жамоасининг асосий таркиби ҳам қўшилди. Ҳамкорликдаги ўқув-йиғин машғулотларини тажрибали мураббий Марс Қўчқоров олиб бормоқда. Унга Ўткирбек Ҳайдаров, Александр Размахов, Мурод Эргашев, Рустам Саидов, Тўлқин Қиличев каби тажрибали мутахассислар қаторида терма жамоага жалб этилган ҳар бир спортчининг устози яқиндан ёрдам бермоқда. Улар билан биргаликда уч нафар франциялик мутахассис ҳам жалб этилган. Кунига икки маҳалдан олиб борилаётган машғулотларда жами 50 га яқин чарм қўлқоп усталари қатнашмоқда. Мураббийлар ва мутахассислар нафақат спортчиларнинг жисмоний тайёргарлигини, балки техник, тактик ва руҳий ҳозирлигини ҳам кўздан кечирмоқда.
«2015 йил биз учун янада масъулиятли саналади, — деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марс Қўчқоров. — Осиё ва жаҳон чемпионати ҳамда 2016 йилги олимпия ўйинларига рейтинг очколарини берувчи турнирлар бор. Бу йилги хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда машғулотларни вақтлироқ бошладик. Терма жамоага жалб этилган спортчилар тайёргарлигини 23—30 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтадиган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида яна бир бор кўздан кечирамиз. Қолаверса, ушбу мусобақада ўзини яхши кўрсатган янги номларни саралаб ҳам оламиз».
Ўзбекистон терма жамоасида авлодлар алмашинуви бўлганлиги боиси, бугун таркиб асосан ёшлардан иборат. Машғулотларда иштирок этаётганлар орасида Ойбек Мамазулунов, Жасурбек Латипов, Ҳасанбой Дўсматов, Хуршидбек Норматов, Исроил Мадримов, Мирзоҳид Абдуллаев, Рустам Тўлаганов каби иқтидорли чарм қўлқоп усталари бўлса, меҳмонлар таркиби, асосан, юлдузлардан иборат. Афина олимпиадаси иштирокчиси Аслоум Редоуане, Пекин олимпиадаси кумуш медаль совриндори Желкаир Каедафи, шунингдек, Европа чемпионлари, 2011 йил ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати совриндорлари ҳамда Бутунжаҳон Универсиада ўйинларининг ғолиблари ҳам бор.
«Мамлакатингиз боксчилари ўзининг техникаси ва иродалиги билан ажралиб туради, — деди Франция терма жамоаси бош мураббийи Жонн Дови. — 52, 56, 60, 64, 69 килограмм вазн тоифаларида Францияда энг номдор саналадиган шогирдларимдан етти нафарини Тошкентга биринчи маротаба олиб келдик. Уларнинг ҳар бири олимпия ўйинларига йўлланма олиши мумкин бўлган истиқболли чарм қўлқоп усталаридир. Ҳамкорликдаги машғулотлар нафақат биз учун, балки юртингиз боксчилари учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Негаки, ўқув-йиғин давомида бир қатор ўртоқлик жангларини ҳам ўтказамиз».
Ҳамкорликдаги машғулотлар 16 ноябрь санасига қадар давом этиб, жорий ҳафтада еттита жуфтлик ўртасида ўртоқлик жанглари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)