Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов Россия чемпионати доирасида «Tорпедо»га қарши кечган ва 1:0 ҳисобида «темирйўлчилар»нинг ғалабаси билан якунига етган учрашувдан сўнг либосини ногирон кишига совға қилди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Бунинг учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси анча уринишига тўғри келди. Учрашув якунига етгач, Виталий Денисов кутилганидек бошқа футболчилар қатори «Локомотив» мухлислар клуби жойлашган трибуна томонга эмас, балки қарама-қарши томон юрди. Виталий «Локомотив» клуби шарфини таққан ногиронлар аравачасидаги киши олдига келгач, баланд тўсиқ устига чиқиб, трибуна томон энгашган ва либосини унга совға қилган. Шундан сўнг ҳимоячи ногирон кишининг елкасига дўстона уриб қўйиб, қўлини сиққан ва ортига қайтиб кетган.
Россиядаги бир қатор нашрлар Виталий Денисовнинг бу ҳаракатини «Раменский» стадионидаги энг олижаноб иш сифатида баҳоламоқда. Эслатиб ўтамиз, Виталий Денисов 2013 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган эди.
Изоҳ (0)