Ёшлар учун мўлжалланган янги Samsung Galaxy A5 ва Galaxy A3 смартфонларининг Россияда сотилиш нархлари Mail.Ru сайти томонидан эълон қилинди. Бу ҳақда «Пароль» нашри хабар берди.
Унга кўра Россияда Galaxy A5 смартфонини тахминан 530, Galaxy A3 смартфонини эса 375 АҚШ долларидан харид қилиш мумкин бўлади. Бироқ ҳозирча, ушбу смартфонлар қачондан сотувга чиқарилиши ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Galaxy A5 смартфони 6,7 миллиметр, Galaxy A3 эса 6,9 миллиметр қалинликда. Иккала смартфон ҳам тўлиқ металл корпусга эга, шунингдек, улардаги 5 мегапикселли олд камера селфи суратлар олиш учун мўлжалланган.
Galaxy A5 смартфонида 5 дюйм 720×1280 пикселли Super AMOLED дисплей,1,2 ГГц частотага эга тўрт ядроли процессор, 2 Гб тезкор ва 16 Гб ички хотира (+MicroSD), 13 мегапикселли орқа камера, 2300 мА·соат қувватга эга батарея ўрнатилган.
Galaxy A3 смартфонида 4,5 дюйм 540×960 пикселли Super AMOLED дисплей, А5 билан бир хил процессор, 1 Гб тезкор ва 16 Гб ички хотира (+MicroSD), 1900 мА·соат қувватга эга батарея ўрнатилган. Galaxy A5 ва А3 смартфонлари Android 4.4 KitKat операцион тизимида ишлайди.
Galaxy A5 ва А3 смартфонларининг суратларини ушбу фотожамланмада томоша қилинг. Ўзбекистонда сотилаётган смартфонларнинг нархлари билан эса «Пароль» нашрининг «Нархлар» рукнида танишсангиз бўлади.
Изоҳ (0)