Россиянинг Иваново шаҳрида яшовчи 25 ёшли Антон Лазаренко ўзининг икки нафар вояга етмаган шериклари билан масжид деворларига чизиб кетгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Маълум бўлишича, нацизм ва неонацизм ғояларини тарғиб қилувчи Лазаренко 2013 йил 1 июнь куни икки маслакдоши билан Иваново жоме масжиди деворларига нафрат ва душманлик кайфиятини қўзғатувчи сўзларни ёзиб, свастика расмини чизган. Шунингдек, масжидга кириш қаршисидаги деворга чўчқанинг узилган бошини илиб кетган.
Лазаренко Россия Жиноят кодексининг «вандализм» (маданий ёдгорликларни таҳқирлаш) ҳамда «нафрат ва душманлик уйғотиш, маълум шахслар гуруҳларини ирқи, миллати, динига қараб ошкора камситиш» бандлари бўйича айбдор деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, судланганлигини яшириб, болалар спорт мактабида мураббий бўлиб ишлагани учун ушбу жазо уч йил қилиб белгиланган. Лазаренконинг вояга етмаган шерикларининг иши белгиланган муддат ўтиб кетганлиги сабабли ёпиқ деб эълон қилинди.
Изоҳ (0)