Сингапурлик фотосуратчи Арам Пан Шимолий Кореяда ўтказилган модалар намойишини суратга туширишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда The Independent’га асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.
«КХДР каби ёпиқ мамлакатда ҳар йили мода дефилеси ташкил этилиши ғалати кўриниши ҳам мумкин», – дейилади газетадаги мақолада.Қайд этишларича, Пан 2013 йил августидан бери ўзининг ёпиқлиги билан шуҳрат қозонган мамлакатга тўрт марта «ҳеч бир тўсиқсиз кира олган».
12-Пхеньян модалар намойиши сентябрь ойида Шимолий Корея пойтахтида бўлиб ўтган. Фотографнинг суратларида подиумда маҳаллий моданинг сўнгги анъаналарини намойиш этаётган моделларни кўриш мумкин.
«Эркаклар модаси, афтидан, деярли ўзгармайди», – дея маълум қилди Пан. «Бироқ аёллар модаси, кўринишидан, ривожланмоқда ва у Пхеньяннинг ўзи билан чекланиб қолаётгани йўқ», – дея қўшимча қилди у.
Фотографнинг сўзларига кўра, тадбирда намойиш этилган либослар унинг учун кутилмаган янгилик бўлган, чунки Пан аввалроқ матбуотда КХДР аёлларига шим ва ёрқин ранглардаги либосларни кийиш тақиқлангани ҳақида ўқиган.
«Бироқ мен шаҳар кўчаларида ҳам аёллар кийиниш масаласида борган дадилроқ ва модага мосроқ бўлиб бораётганликларини кўрдим», – деди Пан.
Изоҳ (0)