Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мултимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида Ўзбекистон таълим соҳаси ва ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари ҳамда Жанубий кореялик банк-молия тизими мутасаддилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда «Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларини ахборотлаштириш» лойиҳаси доирасида 2011—2014 йиллар мобайнида 1770 мактабга ўқув-компьютер синфлари учун техник жиҳозлар етказиб берилгани қайд этилди. Мултимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида серверлар майдончаси, мултимедиа студияси, контент ишлаб чиқарувчилар ва ахборот-коммуникация технологиялари муҳандислари учун махсус хоналар ташкил этилди. Айни пайтда Жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда электрон ахборот-таълим ресурсларини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилди.
«Ҳар бир мамлакат келажагида таълим соҳасига қаратилаётган эътибор муҳим ўрин эгаллайди, — деди Корея Республикаси стратегия ва молия вазирлиги департамент директори Ко Же Мёнг. – Ўзбекистонда ёш авлод истиқболига давлат томонидан улкан ғамхўрлик кўрсатилаётгани диққатга сазовор».
Изоҳ (0)