Наманган вилоятининг Поп туманидаги «Озода Мамадали» фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Исмонов 2013 йил ҳосили учун режага кўра 108,9 гектар экин майдонининг 43,3 гектарига пахта, 65,6 гектарига ғалла экиши лозим эди. У тегишли ташкилотлар билан шартнома имзолаётганда қуюқ ваъдалар беради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» газетаси.
Ёши 45 га борган бу шахс чигит экилиши лозим бўлган 10,8 гектар майдонга режага киритилмаган сабзавот, дуккакли ва полиз экинларини ўзбошимчалик билан экиб олади. Натижада 22,6 тонна (18 миллион 102 минг 600 сўмлик) пахта хомашёси етказиб бериш имкониятини йўқотиб, давлат манфаатларига жиддий зиён етказилди.
Бундан ташқари, I. Исмонов «Агробанк»нинг Поп филиалидан пахта етиштириш учун ажратилган 6 миллион 928 минг 100 сўмлик имтиёзли кредит олади. Аммо уни пахта етиштиришга эмас, юқоридаги 10,8 гектар ердаги ноқонуний экинларнинг парвариши учун ишлатиб юборади.
I.Исмонов суд ҳукмига асосан тегишли тартибда жиноий жавобгарликка тортилди.
Тумандаги «Чодак Анҳор Лойиҳа» фермер хўжалиги раҳбари Помир Нормуҳаммедов ҳам жорий йил бошида «Поп пахта толаси» ОАЖ билан фермер хўжалиги ўртасида тузилган контрактация шартномасига асосан 88 гектар ер майдонидан 85,8 тонна пахта хомашёси етиштириш мажбуриятини олган эди. Аммо унинг ҳам нафси устунлик қилди.
Чигит экилиши лозим бўлган 29,7 гектар ерга кашнич ва дуккакли экинлар экиб олганлиги сабабли 15,6 гектар ер майдони ҳайдалмаган, яъни шудгор қилинмаган ҳолда қолиб кетди. Аслида у ерга ҳам ноқонуний тарзда бошқа экинлар экишни мақсад қилганди. Натижада 35 миллион 559 минг сўмликдан ортиқ пахта етиштириш имконияти чиппакка чиқди.
Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, П. Нормуҳаммедов суд ҳукми билан жазога тортилди.
Изоҳ (0)