Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмасининг Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси доирасида ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда жорий йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармоқда.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида университетда Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ташкил этилган. Лойиҳа доирасида «Сардорлар суҳбати», «Китобхонлар баҳси», «Математика билимдонлари» каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда талабалар инглиз тилида иш ҳужжатлари юритиш, оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантиришга оид машғулотларда иштирок этмоқда.
«Сардорлар суҳбати» тўгараги доирасида ФИФА рефериси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Р. Эрматов билан ташкил этилган учрашув ҳам инглиз тилида олиб борилди. Суҳбат давомида ёшлар Р. Эрматов фаолияти, эришган муваффақиятлари ва ҳаётий тажрибасига доир маълумотларга эга бўлди.
Изоҳ (0)