Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг 2014 йил тўққиз ойлик фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фонднинг республика бошқаруви ва ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда қайд этилганидек, ўтган даврда 873 фуқаролар йиғини компьютер жамламаси, 920 таси мебель билан таъминланди. 175 фуқаролар йиғини биноси реконструкция қилиниб, 19 таси янгидан қурилди. 173 болалар майдончаси қайта таъмирланиб, 152 таси янгидан бунёд этилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида ўтказилган «Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари» республика танлови маҳаллалар фаолиятига оид илғор иш тажрибасини оммалаштириш, соҳа ходимларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим аҳамият касб этди.
Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Футболимиз келажаги», «Маҳалламиз паҳлавонлари». «Отам, онам ва мен – спортчи оила» мусобақаларида минглаб ўғил-қизлар, спорцевар оилалар фаол қатнашди. Маҳаллалардаги 757 минг бола спортнинг 20 дан ортиқ тури ва бадиий ижодиёт тўгаракларига жалб этилди. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун музейлар, маданият ва истироҳат боғларига, тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди.
Йиғилишда тизимда эришилган ижобий натижалар билан бирга, мавжуд камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)