2014 йил 3—15 ноябрь кунлари Россия императорлик уйи раҳбари Буюк княгиня Романова Мария Владимировна Ўзбекистонда меҳмон бўлади. Бу ҳақда Pravoslavie.uz хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ташриф мобайнида Мария Владимировна Урганч, Хива, Самарқанд, Қўқон ва Бухоро шаҳарлари, улардаги православ ибодатхоналари ва черковлари, тарихий қадамжолар, музейлар ва мақбараларни зиёрат қилади. Шунингдек, Буюк княгинянинг Тошкент шаҳридаги Муқаддас Успенский кафедрал черковига ташрифи Ўзбекистоннинг православиега эътиқод қилувчи аҳолиси учун муҳим воқеага айланади, дейилади хабарда.
Мария Владимировна Ўзбекистонда бўлиб турган вақтида унинг давлат тузилмалари ва миллий ижтимоий-маданий бирлашмалар вакиллари, мамлакатнинг ижодкор ва илм аҳли, Рус Православ черкови ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакиллари билан учрашуви кўзда тутилган.
4 ноябрь куни Романовлар уйи раҳбари «Россотрудничество»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этиладиган «Халқ бирдамлиги куни»га бағишланган маросимда иштирок этади.
Шунингдек, 14 ноябрь куни соат 17:00 да «Туркистон» меҳмонхона мажмуасида Буюк княгиня Мария Владимировнанинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бўлиб турган Россия императорлик уйи (РИУ) девонхонаси маслаҳатчиси Кирилл Немирович-Данченко 31 октябрь куни РИУ раҳбари Буюк княз аёли Романова Мария Владимировна Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг авлоди эканлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)