Ғарбий Африкада жойлашган Буркина-Фасо президенти Блез Компаоре (Blaise Compaore)нинг ваколат муддати узайтирилишига қарши чиққан юзлаб намойишчилар пойтахт Уагадугудаги парламент биносини эгаллаб олди ва мамлакатда «қора баҳор» бошланганини эълон қилди, дея хабар бермоқда «Кун» Agence France-Presse ахборот агентлигига таяниб.
Полиция оммавий тартибсизликлар олдини олиш мақсадида намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган, митингнинг бир қатор иштирокчилари ҳибсга олинган. Бироқ 1,5 минг намойишчи полиция жонли деворини ёриб ўтиб, парламент биносига бостириб кирган. Улар бино ичида қоғозларни ёқиш ва компьютер қурилмаларини ўғирлашга киришган. Ташқарида қолганлар эса бино атрофидаги машиналарни ёқиб юборишни бошлаган.
«Яқин Шарқда ‘араб баҳори’ кузатилган бўлса, 30 октябрь куни Буркина-Фасода ‘қора баҳор’ эълон қилинди», — деди норозилик ҳаракати вакили Эмил Парги Пар.
Reuters’нинг хабар беришича, намойишчилар Буркина-Фасо телевидениеси биносини ҳам эгаллаб олган, телеканаллар намойиши тўхтатилган.
Уагадугудаги оммавий намойишлар 28 октябрь куни бошланган эди. Минглаб одамлар 1987 йилги ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимият тепасига келган президент Компаоренинг ваколат муддатлари узайтирилишига қарши кўчаларга чиқди.
Мамлакат конституциясига асосан, амалдаги давлат раҳбари фақат бир марта қайта сайланиши мумкин. 1991 йил Буркина-Фасо президенти этиб сайланган Компаоре эса иккинчи беш йиллик муддатни якунламоқда, бунгача у икки марта етти йиллик муддатга сайланган эди.
30 октябрь куни мамлакат парламенти амалдаги президентга сайловларда яна бир бор иштирок этиш ҳуқуқини берадиган ўзгартиришларни конституцияга киритиш масаласида йиғилиш ўтказиши керак эди, деб ёзмоқда Afriki Presse.
Изоҳ (0)