Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ТИКА) раҳбари Сердар Чам Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар берди Gazeta.uz.
Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси берган хабарга кўра, ТИКА делегацияси Урганч шаҳрида 28—29 октябрь кунлари бўлиб ўтаётган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этади.
ТИКА бошлиғи 25—26 октябрь кунлари Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларига ташриф буюрди. Шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий ёдгорликлари билан танишди.
Сердар Чам 27 октябрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Олимов билан музокара ўтказди.
Шунингдек, ТИКА ҳамкорлигида бунёд этилган Ўзбекистон Республикаси Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти қошида ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш маркази очилиши ҳамда Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари Университетида турк тили хонаси очилишида ҳам қатнашди.
Бундан ташқари, Сердар Чам «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия жамғармасига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борди.
Изоҳ (0)