Жанубий Кореянинг консерватив ташкилотлари томонидан 25 октябрь, шанба кунга мўлжалланган ҳаво шарларини КХДР ҳукуматини айблайдиган тарғибот варақалари билан учириш акцияси амалга ошмади. Бунга маҳаллий аҳоли ва мазкур лойиҳага қарши бўлган нодавлат гуруҳларнинг норозилик ҳаракатлари сабаб бўлди. Бу ҳақда «Ренхап» агентлигига таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
Шимолий Кореядан қочиб ўтганлар билан бирга ҳисоблаганда жами 40 га яқин киши Корея Республикаси Кёнгидо провинциясидаги Имжингак ҳудуди (чегара яқинидаги ҳудуд)дан КХДР томонга қарийб 50 минг варақа учиришни режалаштирган эди.
Бироқ 200 га яқин маҳаллий аҳоли ва либерал ташкилотлар фаоллари йўлларни беркитиб қўйиб, акция амалга оширилиши керак бўлган боғга кириш жойини трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан ёпиб қўйди. Фаолларнинг айримлари ҳаво шарлари ва варақаларни тортиб олиб, уларга зарар етказди.
Акцияга қарши чиқаётганларнинг фикрича, Шимолий Кореяга танқид битилган тарғибот варақаларини юбориш маҳаллий фуқаролар ҳаёти учун хавф туғдиради.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошларида КХДР чегарачилари Жанубий Корея томондан ҳаво шарларини қулатишга уриниб, Корея Республикасига йирик калибрли пулемётлардан ўт очган эди.
Изоҳ (0)