Google компанияси бош менежери Алан Юстас 24 октябрь куни австриялик Феликс Баумгартнернинг парашютда стратосферадан сакраш бўйича ўрнатган рекордини янгилади. 57 ёшли менежер рекорди АҚШнинг Нью-Мексико штатида ўрнатилди, деб хабар бермоқда ТАСС маҳаллий ОАВларига таяниб.
Google президенти ўринбосари гелий билан тўлдирилган ҳаво шарига маҳкамланган махсус капсулада 41,4 минг метр баландликка кўтарилди. Стратосферага икки соатда етиб олган менежер бир неча дақиқани у ерда ўтказди.
Юстас сакрагач, унинг тезлиги соатига 1287 километрга етди. Парашют 5,5 километр баландликка етганда чиқарилди. Умумий ҳисобда ерга қўниш учун 15 дақиқа вақт кетди.
Юстаснинг маълум қилишича, у стратосферадан сакраш ҳақидаги қарорни 2011 йилда қабул қилган. Уч йиллик давр тайёргарлик билан ўтган. Google президенти ўринбосари ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, мазкур саёҳатдан кўнгли тўлганини маълум қилди.
Изоҳ (0)