Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2014−2015 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга узлуксиз табиий газ етказиб бериш учун «Шимолгазтаъминот» унитар корхонаси тасарруфидаги 12 минг 247 километр газ тармоқлари, 6 мингдан ортиқ газ тақсимловчи ускуналарнинг созлиги кўздан кечирилиб, зарур жойларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 15,2 километр газ тармоғида реконструкция ишлари бажарилиб, 8 километри капитал таъмирланди. 300 километрга яқин масофадаги ерости газ қувурларининг ҳолати текширувдан ўтказилди.
Табиий газ етиб бормаган чекка ҳудудлардаги хонадонларни босқичма-босқич суюлтирилган газ билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилиб, шу кунга қадар 14 минг 62 хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида туманлардаги газ тармоқлари идораларида 39 та газ баллонларини сақлаш ва тарқатиш омборхонаси, еттита сервис маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Изоҳ (0)