Бугун эълон қилинган ФИФАнинг янги рейтинг жадвалида Ўзбекистон терма жамоаси етти ўрин пастлади. Энди Ўзбекистон термаси 498 очко билан 65-ўринни эгаллаб турибди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Шунга қарамай, Ўзбекистон Осиёнинг учинчи жамоаси номини ўзида сақлаб турибди. Кучли 50 таликда Осиёнинг бирорта ҳам жамоаси қолмади. Эрон 51 (-7), Япония 52-ўринларга (-4) ўз позицияларини сусайтирди. Ўзбекистондан икки очко камроқ очко жамғарган Жанубий Корея 66-ўринни банд этган.
Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги рақиблари — Саудия Арабистони 15 поғона пастлаб, 98-ўринга тушиб кетди. Хитой эса тўққиз ўрин кўтарилиб, 88-поғонага жойлашди; КХДР 148-қаторни эгаллади.
ОФК коэффициентлар жадвалида Ўзбекистон билан рақобатчилик қилаётган БАА ўз очколарини 17 тага камайтирган бўлса (79-ўрин), Қатарнинг очколари 27 тага кўпайган (88-ўрин).
Жадвалнинг юқори қисмидаги терма жамоаларнинг очколарида камайишни кузатиш мумкин. Кучли учликда ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган: Германия, Аргентина, Колумбия. Бельгия эса битта ўрин юқорига кўтарилиб, Голландиядан олдинга ўтиб олди.
Жадвалнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА расмий сайтида танишиш мумкин.
Изоҳ (0)