22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизматига таяниб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажлисда Ўзбекистоннинг 2015 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ХДП фракциясининг аъзолари ижтимоий соҳага ажратилган Давлат бюджети маблағларининг улуши оширилишига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидландики, 2015 йилги Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари ЯИМга нисбатан 12,8 фоизни, таълимга ажратилган харажатлар 7,3 фоизни, соғлиқни сақлашга ажратилган харажатлар 3,1 фоизни, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 1,3 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетининг ижтимоий таъминотга ажратилган харажатлари жорий йилга нисбатан 1,2 баравардан зиёд ошади. Бу эса аҳоли фаровонлигини изчил тарзда яхшилаш имкониятини яратади.
Шу билан бирга, Давлат бюджетининг даромадлари тушуми, улардан самарали фойдаланиш, айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилаётган бюджет маблағлари устидан парламент назоратини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Изоҳ (0)