Ўзбекистон ташқи савдо компаниялари 13−14 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида пахта етказиб бериш бўйича қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ экспорт шартномалари тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги вакилига асосланиб «РИА Новости» хабар бермоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, ярмаркада 600 минг тоннадан ортиқ 2014 йилги пахта ҳосили форвард битимлар шарти асосида сотувга қўйилади. Бундан ташқари, ярмарка доирасида Ўзбекистон товар-хомашё биржаси валюта майдонларида 50 минг тоннага яқин пахта толаси экспорти бўйича шартномалар тузиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Халқаро Ўзбекистон пахта ярмаркаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси кўмагида 2005 йилдан буён ташкиллаштириб келинади.
Изоҳ (0)