Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими қошида ҳунармандликни ривожлантириш маркази очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси ҳамда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган марказнинг очилишига бағишланган тадбирда Президент раҳнамолигида миллий ҳунармандликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самараларини бераётгани таъкидланди.
Тадбир доирасида гиламдўзлик, каштачилик, ҳунармандлик маҳсулотлари, амалий санъат асарлари кўргазмаси намойиш этилди. «Устоз-шогирд» анъаналари асосида тажрибали ҳунармандлар томонидан маҳорат сабоқлари ўтказилди.
«Марказда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ёшларга соҳа сирларини ўргатиш учун кенг имкониятлар яратилган, — деди чимбойлик ҳунарманд Улбўсин Ўтепбергенова. — Кўргазма ўзимиз тайёрлаётган маҳсулотларни кенг тарғиб этиш учун айни муддао бўлди».
Марказ миллий қадриятларни асраб-авайлаш, бой маданий меросни, ҳунармандлик ва амалий санъат асарларини кенг тарғиб этиш, «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттириш, миллий ҳунармандлик сирларини ёш авлодга ўргатиш бўйича фаолият олиб боради. Миллий каштачилик ва амалий санъат асарларини халқаро миқёсда тарғиб этиш ҳамда сайёҳликни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Изоҳ (0)