Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги мактаб директори ўз ходимларининг маош ва мукофот пулини ўзлаштириб олган, деб хабар бермоқда Uz24.uz.
Хусусан, директор 2012 йилнинг апрель ойидан то октябрь ойигача мактаб ҳисобчиси билан келишган ҳолда ходимларнинг маошларини пластик карточкага ўтказган ва бир миллион 704 минг сўмни ўзлаштириб олган. Бундан ташқари, улар ўз яқинлари ва танишлари номига пластик карточкалар очиб, у ерга мактаб ходимларининг маоши ҳисобидан икки миллион 613 минг сўмни ўтказган.
Улар 2012 йилнинг март ойидан декабригача 14 нафар ўқитувчига икки миллион 10 минг сўм миқдоридаги мукофот пулини ҳисоблаган. 2013 йилнинг май ва август ойларида бир миллион 633 минг сўм миқдоридаги мукофот пулини бўлиб-бўлиб тўлаган ва баъзи ўқитувчилар ҳисобига устама пул ёзиб қўйган. Шундай қилиб, улар давлат бюджетига 4 миллион 395 минг сўм миқдорида зарар келтирган.
Шунингдек, улар 12 нафар ходим учун мўлжалланган жами уч миллион 133 минг сўм миқдоридаги мукофот пулларини ўз ҳисобларига ўтказган. Тўрт нафар ходимнинг имзосини қалбакилаштирган ҳолда, мактаб директори уларнинг ўрнига бир миллион 622 минг сўм миқдорида маош олган.
Бундан ташқари, у мактаб иссиқлик таъминоти учун мўлжалланган 1 тонна 800 кг кўмирни 198 000 сўмга сотиб юборган.
Суд ҳукмига биноан унга тегишли жазо белгиланди.
Изоҳ (0)