Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлди. Аъзолик шартномаси Минскда бўлиб ўтган Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг йиғилишида имзоланди. Бу ҳақда «АрмИнфо» хабар бермоқда.
«Бугунги кунда Арманистон Россия, Белоруссия ва Қозоғистон давлатлари билан тенг шароит асосида ишлашга тайёр. Умид қиламизки, шу дастлабки 1—2 йил ичида биз ижобий макроиқтисодий ўсишни гувоҳи бўламиз. Божхона ва маъмурий тўсиқларнинг олиб ташланиши билан бу тенденция мустаҳкамланади. Бизнинг фикримизча, аҳолининг соф даромади, ЯИМ ва аҳолининг бандлик билан таъминланиши ўсади», — деб қайд этди Россия президенти Владимир Путин.
Бундан ташқари, 10 октябрь куни Путин Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари билан Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятини тугатиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Ушбу қадам Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ишга туширилиши билан боғлиқ, деб маълум қилди ТАСС.
Россия президенти 2015 йилнинг 1 январидан ишга туширилиши лозим бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни 3 октябрь куни имзолади.
Ушбу ҳужжат товар, хизмат, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракат қилишини таъминлашни кўзда тутади. Шунингдек, у Россия, Белоруссия ва Қозоғистон ўртасида келишилган иқтисодий сиёсатни юритиш ва ягона бож тарифига ўтишни белгилаб беради.
Изоҳ (0)