Жорий йилнинг 16—18 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» спорт саройида дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Дзюдо кураши бўйича Гран-При турнирлари ҳар йили дунёнинг 10 давлатида ўтказилади. Эътиборлиси, улар қаторидан Тошкент шаҳри ҳам ўрин эгаллаган бўлиб, пойтахт Гран-При туркумига кирувчи халқаро турнирга тўрт йил давомида (2016 йилгача) мезбонлик қилади.
Мазкур мусобақаларнинг дастлабкиси 2013 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу мусобақада дунёнинг 20 га яқин давлат вакиллари ғолиблик учун кураш олиб борган эди.
Бу йилги мусобақаларда 2016 йилда ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпия ўйинларининг лицензиялари учун рейтинг очколари ўйналиши боис унда иштирок этиш истагида бўлган давлатлар сони ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп бўлиши кутилмоқда.
Гран-При турнирининг тантанали очилиш маросими «Ўзбекистон» спорт саройида 16 октябрь куни соат 16:15 да бошланади. 15 октябрь куни соат 14:00 да эса «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг мажлислар залида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йил Тошкентда ўтказилган Гран-При турнирида Ўзбекистон полвонлари бешта олтин, учта кумуш ва бешта бронза медалга сазовор бўлган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик тўққиз нафар спортчи бешинчи, 13 нафари эса 7-ўринни эгаллаган.
Изоҳ (0)