Қаршининг эски шаҳар қисмида, «Одина» масжиди ва бошқа бир қатор тарихий ёдгорликлар жойлашган манзилда бунёд этилаётган хиёбонда қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Мазкур хиёбон жами 6,4 гектар майдонни қамраб олган ва бир неча тарихий обидалар билан туташиб кетган, деб ёзади «Қашқадарё» газетаси.
Хиёбондаги иккита асосий йўлдан бири Марказий деҳқон бозори дарвозасининг тўғрисидан бунёд этилди ва унинг чамаси 50-метри чап томонида қурилган мусиқали фаввора 29 сентябрь куни ишга туширилди. У қарийб 20 хил мусиқага ҳамоҳанг отилиб, жилваланиб туради.
Фавворанинг ёнидан ўтган йўл орқали тўғри 30 метр узунликда қурилган айвонга борилади. Айвон остида ажойиб дам олиш маскани ҳосил бўлиши кўзда тутилган. Унга етиб борсангиз, чап томонда реставрация қилинаётган очиқ музейга кўзингиз тушади. Бу ёдгорлик Хўжа Қурбон мадрасаси ўрни бўлиб, тарихи ўрта асрларга бориб тақалади. Унинг 1,5 метр қисмини қайта тиклаш режалаштирилган.
Иккинчи йўлга эса Насаф кўчасида жойлашган Абдулазизхон мадрасасининг қаршисидаги қадимий дарвозадан кириб борилади. У Қиличбек, Бекмир мадрасаси, «Одина» масжиди ва қадимий сардобага ҳамда Дарвозатутак маҳалласига олиб боради. Бу икки йўлни бир-бирига туташтирувчи кўплаб йўлаклар ҳосил қилиниб, йўлакбоп плиткалар ётқизиб чиқилди. Хиёбоннинг 4,5 гектар ҳудудини кўкаламзорлаштириш, хусусан 600 тупга яқин манзарали, 150 тупдан ортиқ нинабаргли дарахт кўчатлари, 850 тупдан зиёд кўп йиллик гуллар ўтқазиш, остига эса майса ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
«Хиёбонга тунги ёритқичларни ўрнатаяпмиз. Хиёбонни 160 дан ортиқ тунги ёритқич ёритиб туради. Ўзим ҳам эски шаҳарда туғилиб ўсганман. Шу боис ўзим туғилган жойда шундай гўша барпо бўлаётганидан ва бу бунёдкорлик ишларида ўзим ҳам иштирок этаётганимдан фахрланаман», − деди «Универсал таъмир-таъминот» ишлаб чиқариш корхонаси бош муҳандиси Темир Аҳадов.
Изоҳ (0)