Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сентябрь ойи охиридаги мажлисида икки янги кўча, бир майдон ва бир қатор тор- ҳамда берккўчаларнинг номларини тасдиқлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига асосланиб, «Кун» хабар бермоқда.

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларини боғловчи ва Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган янги айланма йўл (лойиҳадаги Г-50 кўчаси) Нурафшон номини олди.

Мирзо Улуғбек туманидаги бошқа бир янги кўчага, жойдаги даҳа ва маҳалла номи билан уйғунлаштириш мақсадида Ҳумоюн номи берилди.

Депутатлар қарорига асосан, Шайхонтоҳур туманидаги собиқ «Ганга» савдо мажмуаси олдидаги майдон эса Гулзор деб номланган.

Учтепа туманидаги саккизта янги кўчага Изза 13—20-торкўчалари номи берилган, янги берккўча эса Изза берккўчаси деб аталган.

Сергели туманидаги еттита янги кўча эса Лутфкор 4—10-тор кўчалари, Мирзо Улуғбек туманидаги еттита янги кўча Ҳумоюн 1—7-тор кўчалари, худди шу тумандаги янги олти кўча эса Неъмат 1—6-тор кўчалари деб аталган.