Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Валентин Коваленко 10 октябрь куни бўлиб ўтадиган Жанубий Корея ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини бошқариб бориш учун таклиф олди. Мазкур учрашувда Коваленкога қанотларда ўзбекистонлик ФИФА лайнсменлари Жаҳонгир Саидов ва Маъмур Саидқосимовлар ёрдам беради, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
Валентин Коваленко ҳакамлик қиладиган Жанубий Корея — Парагвай учрашуви 10 октябрь куни Сеул шаҳрида бўлиб ўтади.
ФИФА рефериси Владислав Сейтлин бошчилигидаги ўзбекистонлик яна бир ҳакамлар бригадаси эса худди шу куни бўлиб ўтадиган БАА ҳамда Австралия терма жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик ўйинини бошқариб боради. Ушбу учрашув БААнинг Абу-Даби шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Қайд этиш жоиз, 14 октябрь куни Абу-Дабида Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Маълумот учун, Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси 6—23 октябрь кунлари Мянмада бўлиб ўтадиган U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилади.
Изоҳ (0)