Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолаганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Бугун мен Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги Федерал қонунни имзоладим. Бу бизнинг яқин ҳамкорларимиз ва иттифоқдошларимиз билан бирлашиш борасидаги ишларимизнинг муҳим босқичидир», — деди Путин ҳукумат аъзолари билан жума куни бўлиб ўтган учрашувда.
Россия, Белоруссия ва Қозоғистоннинг Божхона иттифоқи ҳамда Ягона иқтисодий макондан кейинги бирлашиш босқичига ўтиш борасидаги келишувларини муҳрлаган ҳужжат мазкур уч давлат президентлари томонидан май ойида имзоланган. Шу тариқа, МДҲ ҳудудида 170 миллион киши учун йирик умумий бозорни шакллантириш ишлари ниҳоясига етаётган бўлиб, у иқтисодий ривожланишнинг янги кучли марказига айланади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси Евросиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги битимни деярли бир овоздан ратификация қилгани хабар қилинган.
Битимнинг кучга кириши иттифоқнинг 2015 йилдан бошланадиган фаолиятини таъминлашга ва ички савдо-иқтисодий ҳамда кооператив алоқалар ривожланишини ишга туширишга, миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ва иттифоқ мамлакатларининг жаҳон хўжалик тизимидаги ролини оширишга хизмат қилади.
Битимнинг Минскда октябрь ойида ўтказиладиган юқорида номлари келтирилган уч мамлакат етакчилари учрашувидан аввал Қозоғистон ва Белоруссия томонидан ратификация қилиниши кутилмоқда.
Россия раҳбари пайшанба куни «Россия зовёт!» анжуманида нутқ сўзлаб, Евросиё иқтисодий иттифоқига Арманистоннинг қўшилиши жараёни ниҳоясига етаётгани ҳамда Қирғизистон билан бу борада музокара олиб борилаётганини маълум қилди. Иттифоққа Қирғизистон ва Арманистонни қабул қилиш масаласи 10 октябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган музокараларда ҳал қилиниши режалаштирилмоқда.