Швеция Бош вазири Стефан Левен Фаластин давлатини тан олиш истаги борлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги. Агар расмий Стокголм бу қадамни қўйса, Швеция Фаластинни тан олган Европа Иттифоқининг илк аъзоси бўлади.
Парламентдаги чиқиши давомида Левен Яқин Шарқдаги муаммони фақатгина Фаластин ҳудудида икки давлат мавжудлигини тан олибгина ҳал қилиш мумкинлигини айтиб ўтган. Масаланинг икки томонлама ҳал бўлиши учун ўзаро тан олиш ва биргаликда тинч яшаш учун сиёсий хоҳиш зарурлигини таъкидлаган.
Швеция ташқи сиёсатидаги бундай кескин ўзгаришлар парламент сайловларида ўнг-марказий кучларнинг мағлубияти натижасида бўлаётгани айтилмоқда. Улар устидан ғалабани «қизил-яшиллар коалицияси» қўлга киритган, кўпчиликни эса 43,8 фоиз овоз билан Социал-демократлар партияси ташкил қилган. Янги Бош вазир Левен – касаба уюшмалари етакчиси, собиқ электр пайвандчиси бўлиб, 2012 йилдагина социал-демократлар етакчисига айланган эди.
Изоҳ (0)