Ўзбекистоннинг Қибрай тумани Мой қишлоғида туғилган Россиянинг «Краснодар» клуби аъзоси Николай Марков ҳозирча Ўзбекистон миллий термаси таркибида майдонга тушмаган. Ҳатто терма йиғинларига ҳам жалб этилмаган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда Stadion.uz.
«Рости, аксарият мухлислар, ҳатто мутахассислар ҳам уни миллий терма жамоада қачон кўрамиз, деб сўрайди. Аслида Николай Марковни яхши биламан. Бир пайтлар Тошкентнинг ‘Трактор’ жамоасида ўйнаган. Ҳозирда ‘Краснодар’ клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Маълумки, ушбу мавсумда краснодарликлар Европа лигасида иштирок этмоқда. Шу боис клуб раҳбарияти жамоа таркибини янада кучайтириш мақсадида бир қатор тажрибали футболчиларни таклиф этди. Натижада, Николай Марков ‘Краснодар’нинг захира ўриндиғида қолиб, бироз ўйин амалиётини йўқотиб қўйди.
Яқинда Николай билан боғланиб, йиғинларга чақиришимни айтгандим. У эса айни пайтда ўзига янги клуб излаётганини таъкидлади. Хабарингиз бор, термамиз ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов ҳам Николайнинг жамоадоши саналади. Одил ҳам Марков билан учрашиб, бу борада гаплашган экан. Коля унга ҳам худди шу жавобни айтибди. Хуллас, Николай Марков ўз олдидаги муаммоларни ҳал этсин. Кейин албатта Ўзбекистон миллий терма жамоаси машғулотларига чақираман. Ишонаманки, Николай терма жамоамиз ўйинини кучайтира олади», — деди Миржалол Қосимов.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийига Николай Марковнинг қайси клубга ўтиши ҳақида маълумотга эга-эга эмаслиги ҳақида сўралганида, у «Россия премьер лигаси дебютанти ‘Уфа’дан таклиф бор экан. Яқин кунлар ичида Николай Марков ‘Уфа’ жамоаси мутасаддилари билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритади», — деб жавоб берди.
Изоҳ (0)