Етти нафар Эрон фуқароси америкалик қўшиқчи Фаррел Уильямснинг Happy таронасига ишлаган клипи учун 91 дарра уриш ва қамоқ жазосига тортилди. Бу ҳақда Iran Wire маълумотига таяниб, «Сегодня» хабар бермоқда.
International Campaign for Human Rights in Iran ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг қайд этишича, суд ёшларни «беадаб клип» суратга олганликда ва гуруҳ аъзолари ўртасида қонунга зид муносабатлар ўрнатганликда айбдор деб топди. Ҳукм 17 сентябрь куни Теҳронда эълон қилинди.
Олти нафар айбдорга 91 дарра савалаш ва ярим йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Яна бир эронлик эса бир йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиб, у ҳам 91 бор калтакланади. Маълумотларга кўра, энг узоқ муддатли қамоқ жазоси клип режиссёри учун белгиланган. Жазонинг бажарилиши уч йилга кечиктирилди. Бу эса айбдорлар белгиланган вақт мобайнида яна шундай видеоклип суратга олса, улар саваланиб, қамоққа жўнатилишини англатади.
Маълумот ўрнида, Happy қўшиги учун эронликлар талқинида суратга олинган клип интернетда май ойида пайдо бўлиб, тезда машҳур бўлиб кетди. Клипда бошига рўмол ўрамаган тўрт аёл ва уч эркак Теҳрон кўчалари ва уйлар томида рақсга тушаётгани тасвирланган.
Орадан кўп ўтмай, клип Эрон ҳукуматининг эътиборини тортиб, уни суратга олганлар ва унда иштирок этганлар ҳибсга олинди. Шундан сўнг, қўлга олинганлар телевидение орқали ўз хулқ-атвори учун узр сўрашга мажбур бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Фаррелл Уильямснинг Happy видеролиги мухлислар эътиборига ҳавола этилгач, дунёнинг турли мамлакатларида шу ном билан суратга олинган хилма-хил клиплар тарқала бошлади. Хусусан, август ойининг бошларида KVN UZ вакиллари Happy Tashkent клипини омма этиборига тақдим этди.
Изоҳ (0)