ФИФА дунё терма жамоаларининг янги рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон терма жамоаси август ойи рейтинги билан таққослаганда ўз очколарини икки баллга оширган бўлса-да, жадвалда етти поғона пастга тушиб, 58-ўринни банд этди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси учта ўртоқлик ўйини ўтказиб, битта дуранг (Озарбайжон) ва иккита ғалабага (Иордания, Янги Зеландия) эришди.
Ўзбекистон жадвалда пастлаганига қарамай, Осиёнинг учинчи жамоаси бўлиб турибди. Эрон эса қитъанинг энг яхши терма жамоасига айланди. Форслар тўрт поғона кўтарилиб, 44-ўринга чиқиб олди. Тўрт поғона пастга тушган Япония эса 48-ўрин билан Осиёнинг иккинчи жамоаси бўлиб турибди. Иордания терма жамоасининг 13 ўрин пастга «шўнғиши» оқибатида Жанубия Корея 63-ўрин билан қитъада тўртинчи жамоага айланди.
Осиё кубоги — 2015’даги Ўзбекистон рақибларига тўхталадиган бўлсак: Хитой 97-ўриндан қўзғалмади, Саудия Арабистони 82-поғонага кўтарилди (+1), КХДР 150-қаторни эгаллаб турибди (-4).
Жадвалнинг юқори қисмида ҳам ўзгаришлар содир бўлди. Германия ва Аргентина 1- ва 2-ўринларни эгаллаб турган бўлса, Колумбия Голландияни қувиб ўтиб, 3-ўринга чиқиб олди. Бразилия (6-ўрин) ва Франция (9-ўрин) бир поғонадан кўтарилган бўлса, Уругвай (7), Испания (8) ва Швейцария (10) терма жамоалари бир поғонадан пастлаган.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА сайтида танишиб олишингиз мумкин.
Изоҳ (0)